Manaviyat nashriyoti

        1. Руҳингиз тиниқлашади

        Ҳаётингиздан кўнглингиз тўлмаса ёки нимадир таъбингизни хира қилса, китоб ўқинг! Китоб ўқимоқ, интернет тармоқларида ўтиргандан кўра юз марта афзал! Интернетда кўп ўтириш руҳий пажмурдаликка олиб боради, китоб ўқиш эса, руҳий тиниқлик бағишлайди!

        2. Уйқунгиз яхшиланади

        Китоб ўқиш уйқуга ҳозирлик кўришнинг энг яхши усули. Телефон экранчасидан тараладиган ўткир нурлар мия ҳужайраларига салбий таъсир кўрсатади. Китоб ўқиш эса диққатни бир ерга жамлаб, хотиржам ҳордиқ олишга замин тайёрлайди.

        3. Кўнгилсиз воқеаларни унутасиз

        Ҳаётни кескин курашлар остида ўтадиган шафқатсиз бир реал воқелик сифатида эмас, бадиий бўёқлар, илмий-фалсафий ечимлар ўровида кўра бошлайсиз. Ҳаётий кечинмаларингиздан тўғри, атрофлича таҳлил қилинган хулосалар чиқара бошлайсиз.

        4. Мия фаолияти яхшиланади

        Инсон жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланса, танаси кучга тўлиб, қон айланиши яхшиланиб, қўл, оёқларда мушаклар пайдо бўлиб, вужуд ўктамлашиб боргани сингари, китоб ўқийверсангиз, мияда қон айланиши, озуқа таъминоти яхшиланиб, нейронлар сони кўпайишини фан тасдиқлаган.

        5. Ҳаёт сўқмоқларидаги пасту баландда собитқадам бўласиз

        Инсон ҳаёт сўқмоқлари бўйлаб ўзи кўзлаган манзил сари борар экан, турли ҳолатларга рўба-рўй келади. Бу ҳолатларнинг пасти ҳам, баланди ҳам бор! Китоб ўқиган инсон бундай вазиятлардан депсинмай, босиқлик ва хотиржамлик билан йўлида давом этади. Ғилдираги йирик автомашинага йўлнинг ўнқир-чўнқири сезилмаганидек, китоб ўқиган инсон ҳам ўнқир-чўнқирлардан сездирмай, бир текисда ўтиб бораверади. Китоб ўқимаганлар бундай ҳолатларда жиғибийрон бўлиб, йиқилиб, суриниб, ҳаётнинг “нега бўдай” эканлигидан фиғони кўкка ўрлаб юради.

        6. Юзи ёруғ, истараси иссиқ одамга айланасиз

        Кўп китоб ўқиган инсоннинг қалби покланиб бораверади, унинг юзидан нур таралиб атрофдагиларни ўзига тортади. Одамларнинг сиз билан суҳбатлашгиси келади.

        7. Яшашдан мақсадингизни аниқ кўра оласиз

        Китоб ўқимаган инсоннинг мақсади ҳаётий эҳтиёжларини қондиришдан нарига ўта олмайди, яшашдан мақсад ана шу, деб ўйлайди. Кўзи ожиз одам қуёшни кўра олмагандек, китоб ўқимаган инсоннинг қалби ожиз бўлади. Қалб кўзини китоб мутоаласи очади ва қалб кўзи ҳаёт ҳақиқатларини кўра бошлайди.

        8. Сизда ҳеч қачон тушкунлик бўлмайди

        Кўп китоб ўқиб, уққанлар ҳар қандай мушкул вазиятларда ҳам тушкунликка тушмайдилар. Натижа, оқибат деган нарсаларни олдиндан кўра оладилар. Шу боис қўйилаётган қадамнинг натижасини ёки оқибатини олдиндан биладилар, шунга қараб қадам ташлайдилар.

        9. Умрингиз узоқ бўлади

        Дунё олимлари илмий изланишлар натижасида аниқлаганларки, зиёли одамлар узоқ умр кўрадилар. Жаҳондаги узоқ умр кўрган инсонларнинг аксариятини кўп китоб ўқиганлар, илмли инсонлар ташкил қилади. Улар китоб ўқиш, илм орқали танани қандай мўътадил тутиш, озиқланиш, гигиена сирларини жуда яхши ўзлаштириб олганлар.

        10. Яратувчилик интеллектингиз ошади

        Дунё тарихида жамики янгиликлар, техникалар, технологияларни ўқимишли инсонлар яратганлар ва бугун ҳам улар янги дунёни яратаяптилар. Кўп китоб ўқисангиз, яратувчилар сафида бўласиз! Яратувчилар Яратганга ҳам ёқади!

        11. Бой-бадавлат бўласиз

       Бойликни ҳар ким ўзича тушунади. Биров бойликни пул, мулк, тўкин-сочин ноз неъматларга эга бўлиш, деб тушунади, биров эса, қалб кенглиги, ҳаётнинг сокин кенгликларига эга бўлишни бойлик дейди. Эккаласи ҳам ўзича ҳақ, аммо уларни бир-бирига тескари қўйиб бўлмайди, бири иккинчисини тўлдириб туриши керак. Фақат пули, моли кўп одам бадавлат бўлолмагандек, қашшоқ одамнинг қалби кенг бўлиши жуда мушкул.

          12. Сўзларингиз салмоқли, жарангдор бўлади

        Кўп китоб ўқиган инсон билан интернетдаги олди-қочди нарсалар билан чекланиб қолган инсоннинг сўз салмоғида фарқ жуда катта бўлади. Кўп китоб ўқиган инсоннинг сўзида салмоқ ва маъни бўлади, “Интернетчи”нинг сўзида на салмоқ, на салоҳият бўлади.

Fikr bildirish

Сизнинг электрон почтангиз нашр қилинмайди.

Image Newletter